Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида билимга чанқоқ, келажакда етук мутахассис бўлишни мақсад қилган йигит-қизлар учун XV «Таълим ва мутахассислик» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнатвазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмада ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ота-оналар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш, бандлигини таъминлаш, битирувчиларнинг меҳнат жамоаларига мослашувига яқиндан кўмаклашиш, таълим масканлари ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилнинг 15 сентябридан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Анъанавий ўтказилаётган “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмасидан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқиш ва иштиёқини янада кучайтириш, касб танлашига кўмаклашиш, уларга мамлакатимиз таълим тизимида яратилаётган имконият ва шароитлар ҳақида, мутахассисликлар ва касблар тўғрисида тўлиқ маълумот беришдан иборатдир. Бу ерга келганлар мамлакатимиз олий таълим муассасалари, хорижий университетлар ва уларнинг юртимиздаги филиаллари, ўқув марказлари, ижодий студиялар фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда. Кўргазма залларида олий таълим муассасалари, тил ўрганиш марказлари, чет элда ўқиш, таълим ва малака ошириш, масофавий таълим, малака ошириш институтлари, касбга йўналтириш ва бандликка кўмаклашувчи марказлар фаолияти ҳақида стендлар жойлаштирилган.

– Келаси йил қизим коллежни битиради, – дейди пойтахтимизнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Норхол Иброҳимова. – Кўргазмада иштирок этиб, таълим даргоҳлари, хорижий тилларни ўргатадиган ва олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрлайдиган ўқув курслари ҳақида маълумотга эга бўлдик.

Кўргазмада мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган таълим муассасалари билан бир қаторда, Малайзия, Латвия, Польша, Буюк Британия, Япония сингари давлатларнинг олий таълим муассасалари ҳам иштирок этмоқда.

– “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмасида кўп бор иштирок этганман, – дейди Малайзиядаги HELP университети менежери Бенидикт Чан. – Ўзбекистонлик ёшларнинг мазкур кўргазмада фаол қатнашаётгани уларнинг билим олишга бўлган иштиёқи баланд эканлигини кўрсатади. Бундай кўргазмаларнинг ташкил этилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбирда Тошкент шаҳридаги бандликка кўмаклашувчи марказлар ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотларининг мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Меҳнат вазирлиги вакиллари томонидан ёш мутахассислар билан давра суҳбатлари уюштирилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, доимий меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли учун тўрт мингдан зиёд бўш иш ўрни таклиф этилди.

Kutilayotgan Tadbirlar

Natijalar topilmadi.

Taqvim

Dekabr 2020
Du Se Ch Pa Ju Sh Ya
« Okt    
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  

Foydali havolalar